ТОШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Украина Олий Радаси депутати Надежда Савченко давлат бюджетига ўзгартиш киритиш учун овоз бериш вақтида мамлакат Бош вазири Владимир Гройсманга, унинг ҳаракатига жавобан ўрта бармоғини кўрсатди, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
Савченко ишора Украина Бош вазирига тегишлилигини маълум қилган.
"Гройсман билан ўзаро ишора алмашдик. Украина бюджети кўриб чиқилаётганда, Гройсман, ҳар доимгидек, Украинага ҳозир зарур бўлган соҳаларга етарли маблағ ажратиш ўрнига, ўзига керакли бўлган, коррупцияга имконият яратиб берадиган соҳаларни ҳимоя қила бошлади. Бош вазир шундай бир ишора қилдики, маданий тилга ўгирганда, бу — парламентнинг фикри унинг учун бир пуллигини, у барибир ўз айтганини қилишини англатарди. Ўшанда менга унинг янглишаётганини англатувчи ишорани кўрсатдим. Менинг ишорам "сиз айтгандай бўлмайди, парламентни ҳурмат қилиш керак" дегани эди", — деб изоҳ берган Савченко "112 Украина" каналига берган изоҳида.