TOШКЕНТ, 23 июн — Sputnik. Ушбу йилнинг март ойида Грузия 6 миллионинчи сайёҳни кутиб олди. Мамлакат ҳукумати ушбу воқеага алоҳида эътибор бериб, жиддий тайёргарлик кўрди.
Биринчидан, меҳмонни мамлакат бош вазирининг шахсан ўзи кутиб оладиган бўлди. Иккинчидан, тантанали кечги овқат учун таомлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган сўров орқали аниқланиб, энг яхши шеф-поварлар томонидан тайёрланадиган бўлди.
Ундан ташқари кечки овқат вақтида Грузиянинг энг яхши ашула ва рақс ижрочилари чиқишлари режалаштирилди. Шунингдек, меҳмонга бутун Грузия бўйлаб энг чиройли жойларини кўрсатишга қарор қилинди.
Кутилган вақтда, ҳеч нарсадан бехабар меҳмон, Тбилиси аэропортига келиб тушади. Самолётдан чиқаётган йўловчилар автоматик равишда ҳисобланиб айнан 6 миллионинчи меҳмон — Jesper исмли шахс эканлиги аниқланади. Шу дамдан бошлаб махсус операция бошланади…
Меҳмонни кутиб олган ҳайдовчи унга “Ҳурматли Jesper, сиз бизнинг махсус меҳмонимизсиз!”, деган сўзлар ёзилган конвертни тутқизади. Кейин, эса уни президентларни кутиб олгандек, фахрий қоровул билан кечги овқат бўлиб ўтиши керак бўлган ресторанга олиб боради.
У ерда Грузия бош вазирининг шахсан ўзи меҳмонни кутиб олиб, у Грузиянинг 6 миллионинчи сайёҳи эканини ва уни алоҳида иззат-икром билан кутиб олишга қарор қилингани хабар қилинади.
Кейин эса — энг яхши таомлар, винолар, жозибадор грузияча ашула ва рақслар бўлиб ўтади. Ундан кейинги бир неча кун давомида меҳмонга Грузиянинг қорли тоғлари-ю, қадимий қалъалари ҳамда денгиз қирғоқлари намойиш қилинади.
Кўрсатилган иззат-икром ва кутиб олувчи томоннинг бенуқсон ташкилотчилигидан меҳмон чексиз ҳайратга тушди… ва…ёш боладек йиғлаб юборди…
“Мен буни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман. Бу мен бошимдан кечирган энг мароқли саргузашт бўлди. Мен буни болаларимга, невараларимга айтиб бераман…” – деди Jesper.
Грузиялик мутахассислар томонидан суратга олинган ушбу кичик фильм, Канн кинофестивалида ўз мамлакатини реклама қилувчи энг яхши видеолавҳа деб топилди.