TOШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Дубай суди 4 нафар Ўзбекистон фуқароси аралаш бўлган жиноий ишни кўриб чиқди. Суд ҳужжатларига кўра, улар 2016 йилнинг ноябрь ойида Непал фуқаросини калтаклаб, ундан 700 минг дирҳам (190 минг доллар) нақд пулини тортиб олишда айбланмоқда.
Воқеа Дубайнинг Ноиф мавзесида содир бўлган. 26 ёшли ўзбекистонлик қутқарувчи ўз шериклари билан непаллик 40 ёшли сотувчини кўчанинг хилват жойига олиб бориб дўппослашган ва унинг сумкасида бўлган катта миқдордаги пулни ундан тортиб олишган.
Жабрланувчининг аризасига биноан Дубай полицияси 4 нафар Ўзбекистон фуқароларини ҳибсга олган. Улардан орасида жиноятчининг ўзидан ташқари, ўзбекистонлик савдогар ва жиноятчига автомобилни ижарага берган яна бир ўзбекистонлик ҳам бўлган.
Воқеа тафсилотлари ўрганиб чиқилганидан кейин, Дубай суди қўлга олинганлардан бирини безорилик ва ўғирликда айблаб, 3 йилга озодликдан маҳрум этган. Бошқа фуқаролар эса, айбсиз деб топилиб қамоқдан озод қилинган. Суд қарори 19 июнь куни эълон қилинган. Унга кўра, исми ошкор қилинмаган Ўзбекистон фуқароси жазо муддатини тугатгандан кейин ватанига депортация қилинади.
Бу ҳақида Gulf News нашри хабар бермоқда.