TOШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида Россиянинг Санкт-Петербург ҳукумати делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Ўзбекистон меҳнат вазири Азиз Абдуҳакимов ташкил қилинаётган марказда бўлажак меҳнат мигрантлари керакли ҳужжатларни олиш учун барча шароитлар ташкил қилинган бўлиши кераклигини таъкидлади. Санкт-Петербург Меҳнат ва бандлик қўмитаси раиси Дмитрий Чернейко ҳам мигрантлар она ватанида комплекс имтиҳонга тайёргарлик ва бошқа барча керакли процедуралардан ўз она ватанларида ўтишлари кераклигини тасдиқлади.
Учрашувда маълум бўлишича, томонлар бўлажак меҳнат мигрантлари учун комплекс имтиҳонларни республика ҳудудида ўтказишни режалаштирмоқда.
Ундан ташқари икки мамлакат вакиллари, Ўзбекистон ва Россия орасида имзоланган, Ўзбекистон фуқароларини ташкиллашган тартибда Россияга ишга қабул қилиш ҳақидаги шартномани амалга оширишни тезлаштириш ниятида эканликларини билдиришди. Хусусан, юқоридаги шартномага асосан, Россияда ишга жойлашиш учун керак бўладиган, рус тилидан имтиҳон ва тиббий суғурта олиш жараёнларини Ўзбекистонда ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ушбу ишларни амалга ошириш меҳнат мигрантлари фаолиятини қонунийлаштириш, уларни мавжуд бўлган санитар-гигиеник нормаларга аосоан яшаш жойи билан таъминлаш, меҳнат муҳофазаси ва меҳнат ҳақи тўловларини ва бошқа ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаш имконини яратади.
Санкт-Петербург делегацияси ташриф дастурида Ўзбекистоннинг бир қатор муассасаларида учрашувлар белгиланган. Шунингдек, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига ташриф буюриш ва Самарқанддаги бўлажак меҳнат мигрантларини тайёрлов маркзи ташкил қилиш борасидаги шарт-шароитлар билан танишиш мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг бошида Ўзбекистон ва Россия вакиллари Самарқандда Санкт-Петербург "Меҳнат ресурслари марказининг" ваколатхонасини очиш ҳақида келишиб олишгани ҳақида хабар берган эдик.