TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Тошкентда бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби", мавзусидаги анжуманда, Шавкат Мирзиёев чет элларда ҳалол меҳнат билан даромад топаман деб юрган фуқароларимнинг терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун барча чоралар кўрилаётгани ҳақида гапирди. Жумладан, Россия билан меҳнат мигрантлари борасида имзоланган шартнома ҳақида тўхталиб ўтди.
"Меҳнат мигрантлари борасида бизнинг позициямиз аниқ — одам қаерда бўлсаям ишлаши оиласини, бола-чақасини боқиши керак. Россия билан миграция борасидаги муаммолар бизга 10-15 йилдан бери бизга азоб, ташвиш бўлиб келаётган эди. Нимага десангиз, бизнинг фарзандларимиз, бизга ёқадими-ёқмайдими ўша ерда ишлаяпти, уларнинг тинчлиги, осойишталиги бизга керак.
Шунинг учун биз Россия раҳбарияти олдига ушбу масалани кўндаланг қўйдик: худо хайрларингни берсин, бизнинг халқимиз сизларнинг иқтисодингизга хизмат қилаяпти. Шундай экан ҳар, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросини тинчлигини, соғлигини кафолатлайдиган шароит яратиб беринглар, деб…
Ўйлайманки, бу ўзининг жуда катта ижобий натижасини беради", — деди Шавкат Мирзиёев.
Ундан ташқари, Ўзбекистон президенти охирги вақтларда Ўзбекистонда янги иш ўринлари яратилишига катта эътибор берилаётганини эслатиб ўтди ва бир кун келиб меҳнат мигрантлари ватанига қайтишига умид билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг 4-5 апрел кунлари бўлиб ўтган Шавкат Мирзиёевнинг Россияга тавлат ташрифи давомида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари миграция соҳасида бир неча шартномалар имзоланган эди.