TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Ушбу кунга қадар Адлия вазири ўринбосари сифатида фаолият юритган Қаршиев Ҳамдам Ўзбекистон Республикаси ИИВ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, деб хабар қилмоқда UzNews нашри “Постда” газетаси хабарига асосан.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг сентябр ойида Қаршиев Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари — Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатдан ва молиявий таъминлаш департаменти раҳбари лавозимига тайинланган эди.
Қаршиев Ҳамдам Алиқулович – 1970 йилнинг 29 сентябрь санасида Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида туғилган. Маълумоти — олий. 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1987 йилда Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида бошлаган.
Қаршиев 2009 йилда Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИБ раҳбари ўринбосари — Тергов бўлими бошлиғи, 2013-2016 йилларда Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбари ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2015 йил 27 августида Ҳамдам Қаршиев президент фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони билан тақдирланган.