ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Тошкент шаҳрида "Ҳамшира — 2017" кўрик-танловининг якуний финал босқичи ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати. Танловнинг республика босқичида иштирокчилар уч турдаги шарт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этишди.
Иштирокчилар тиббиёт соҳасидаги амалий ва назарий билимларини синовдан ўтказишди. Бундан ташқари, улар Ўзбекистонда ўтказилаётган туб ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар моҳияти ва унда ҳамшираларнинг ўрни ва вазифаси, тиббий таҳлил натижаларига кўра касаллик белгиларини аниқлаш ва ҳамширалик ёрдамини ташкил этиш, эпидемиологик ҳолат юз берганда кўриладиган чора-тадбирлар бўйича назарий билимларини ҳам намойиш этишди.
Тошкент шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам шифохонаси ҳамшираси Шаҳноза Позилова 1-ўринни, Поп туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими ҳамшираси Феруза Бўтаева 2-, Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими ҳамшираси Муҳаррам Салимова 3-ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
"Ҳамшира" кўрик-танлови ўрта тиббиёт ходимлари меҳнатини баҳолаш, самарали фаолият олиб бораётган мутахассисларни муносиб рағбатлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва келажакда билим ва маҳоратларини янада оширишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида бир неча йилдан буён ўтказиб келинмоқда.