ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилоятида ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ноқонуний ҳаракат — наркотик савдоси билан шуғулланувчи шахслардан йирик партиядаги нашани олиб қўйди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбирига куч ишлатиш тизимидаги манба.
Махсус ўтказилган операция натижасида жиноятчи Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармасининг тезкор-қидирув гуруҳи ходимлари томонидан нашанинг намуна партиясини сотаётган вақтда, Тайлов тумани ҳудудида қўлга олинган.
"Суриштирув ишлари давомида қўлга олинган шахс наркотик моддаларни ўз қариндоши, Ургут туманида яшовчи Зокир Дўстовдан олгани ҳақида кўрсатма берди. Зокир Дўстов наркотик моддалар ноқонуний айланмаси билан шуғуллангани учун икки марта жазо муддатини ўтаган", — деб таъкидлади МХХ ходими.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида Зокир Дўстов Миллий Хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг уйи кўздан кечирилганда, 3,7 кгдан ортиқ наша яширинган туйнук топилган.
Айни вақтда ушбу иш юзасидан жиноий иш қўзғатилган ва тергов ишлари олиб борилмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.