ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Ўзбекистонда Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасаси диний олий таълим муассасаси сифатида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди, деб хабар берди РИА Новости Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита вакилига асосланиб.
"Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Мир Араб" олий диний таълим муассасаси ташкил этилди ҳамда республика Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди", — деди қўмита вакили.
Унинг айтишича, келаётган ўқув йилида мадрасага 50 нафарга яқин талаба қабул қилинади, улар динлар тарихи ва назарияси, ислом ҳуқуқи ва араб тилини ўрганадилар. Қўмита вакили Шавкат Мирзиёев март ойида вилоятга уюштирган сафари чоғида XVI асрда қурилган Мир Араб мадрасасининг мақомини тиклаш зарурати ҳақида айтиб ўтганлигини билдирди.
"Ўзбекистондаги илк ислом олий таълим муассасаси ислом дини асосларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш ҳамда мамлакатда диний бағрикенгликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади", — деди агентлик вакили.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда мингга яқин талабалар ўрта махсус таълим муассасаси мақомига эга тўққиз мадраса, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университетида диний ва дунёвий билимлардан сабоқ олмоқдалар.