ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Кеча футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари 3-босқичи доирасида Эрон терма жамоасига 2:0 ҳисобида мағлубиятга учрагач, футбол мухлисларининг сабр косаси тўлиб-тошди. Футболга ихтисослашган қатор сайтларда ишқибозларнинг терма жамоа ва ўйин ҳақидаги фикрлари, журналистларнинг бу борадаги мулоҳазалари чоп этилди.
Жумладан, Дилмурод Жумабоев шундай ёзади:
"Эронни ютишимизга ким ишонганди? Ҳеч ким!!! Сабаби оддий — жамоа бошида Самвел Бабаян бор экан, бу жамоа ҳеч бир натижага эриша олмаслиги барчага кўпдан аён эди. Ўтган турда Сурияга имкониятни бой бергач, Самвелнинг кавушини тўғрилаш керак эди ўзи аслида. Янги мураббий билан Теҳронда йигитлар бошқача ўйин кўрсатишлари аниқ эди…
Самвел Бабаяннинг Эронга мағлубиятдан сўнг матбуот анжуманидаги сўзларига қаранг: "Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият сақланиб қолди. Қолган икки ўйинда сифатли ўйин кўрсатиб, бор кучимизга ишга солган ҳолда ғалаба қозонишимиз ва олдинга интилишимиз керак". Уят ҳам йўқ! Икки ўйиндан сўнг Қатардаги жаҳон чемпионатига чиқиш учун имкониятлар ҳақида гапирса керак.
Эрондаги ўйинни қаранг: бу йигитлар бошқача ўйнай олади шубҳасиз. Техникалари ўзгармас балки, тезликни табиат инъом этганидан ортиғини кутиш кераксиз, бироқ мураббий дегани жамоага ишонч бериши керак, унинг айтганини, кўрсатмасини бажарсак, ютамиз албатта, деган фикр бўлиши керак футболчиларда.
"Озоди"да эса ўйинга берилган кўрсатма "ютишимиз керак, ё бўлмаса ҳеч бўлмаганда дуранг керак бизга" шаклида бўлганга ўхшайди. Йигитлар ҳаракат қилишди, бироқ ҳар ким "Ватан учун" деб ўз ҳолича ўйнади, тактика деган нарса умуман кўринмади.
…Ватаним деб, ўзбек футболи шаъни деб жон куйдирадиган, шу билан бирга қўлидан иш келадиган мураббийларимиз кўп эмас ўзи. Бир нечтаси бош мураббийлик қилиб ҳам кўришди терма жамоада. Ҳозирча имкон берилмаганлардан Игор Шквирин қолди. Агар гуруҳда ҳеч бўлмаганда учинчи ўринни сақлаб қолайлик дейдиган бўлсак, эртагаёқ мураббийни янгилашимиз керак!"
Шаҳбоз Беғамов эса қуйидагича фикр билдирган:
Ютқазганимиз бу катта бир шов-шув эмас. Бабаян қўл остида Сурияга ютқаздик, Эронга ўзимизни уйимизда енгилдик. Теҳронда Эронга имкониятни бой беришни кутилмаган натижа демаган бўлардим. Шунчаки Тошкентда ҳам, Теҳронда Эрон дарвозаси томон бирорта ҳам аниқ зарба бера олмаганимиз, хавфли ҳужум содир этолмаганимиз, ҳужум чизиғида гол урмаса ҳам ўйнайдиган Сергеевни ўрнига футболчи туширмаганимиз алам қилди.
Энди қаранг, ўзи шундоқ ҳам чап қанотимиз Денисовнинг жароҳатидан кейин кучсизланганди. Андреев унинг иккинчи муқобил варианти эди. Стаснинг жароҳатидан кейин Сайфиев тушса, нисбатан Шораҳмедовдан кўра чап қанотда фойдалироқ эди. Чунки чап қанот Сайфиев ҳар доим ўйнаб юрган жой. Бу жароҳат, яна бир йўқотиш камлик қилгандек, мажбурий ўзгаришдан кейинги танлов ҳам йўқотишларнинг давоми бўлди. Даврон Ҳошимов аслида кичик жароҳати туфайли захирага қолдирилган ва ўрнига Шораҳмедов тушганди.
Шораҳмедовнинг чап қанотга ўтиши, кичик жароҳати билан ўйнаган Ҳошимовнинг ўнгдан жой олиши ҳимоядаги иккала қанотларимизни кучсизлантирди. Чап қанотдаги йўқотишни ўрнини қоплаймиз деб, ўнг қанотни ҳам, чап қанотни ҳам кучсизлантирдик.
Ваҳоланки ўшанда Андреевнинг ўрнига Сайфиевни тушириш орқали масалани осонроқ ечса бўларди. Йўқ, биз чигалроқ, тушунарсиз қарорларни қабул қиладиган Бабаяннинг ўжарлигига гувоҳ бўлдик.
Таркибдаги жароҳат олган футболчиларимизнинг йўқлиги мағлубиятга сабабчи, буни бахона сифатида кўрсатиш ярамайди. Бу қандайдир клуб эмас, таркибдаги мавжуд футболчилардан биттаси жароҳат олади ва унинг ўрнида муносиб захира футболчиси бўлмаса. Бу терма жамоа. Ўзбекистон терма жамоасида чап қанотда ўйнай оладиган футболчилар етарли. Фақат уларни барча жароҳат олганда номига чақириш эмас, балки чақиргандан кейин мажбур бўлганда ҳеч бўлмаса майдонга тушириш, уларнинг имкониятини кўриш керак.
Жароҳат олган футболчиларни йўқлиги, ёки бошқа сабаблар эмас, мураббий хатони ўзидан қидириши керак. Яна қайтарамиз, бу клуб эмас, терма жамоа. Терма жамоада доим танлов бўлган. Бутун дунёда шундай. Терма жамоада асосий таркиб деган тушунча бўлмаслиги керак. Бизда ҳам йўқ аслида. Фақат бизда Бабаян таркиби, деган атама мавжуд.
Ўртоқлик ўйинлари нима учун ташкил этилади? Бабаяннинг ўзининг қараши ва ўзининг услуби бор. Хоп, тушундик. Лекин мураббий иккинчи ва учинчи режаларни, ҳар бир чизиқ учун қолган муқобил вариантларни ҳам синаб кўриши, уларни захирада тайёр ҳолда ушлаб турмоғи керак эмасми?
Дарвозада фақат Лобанов, ҳужумда доим Сергеевни тушириш керак деган қоида йўқ Жаҳон чемпионати саралаш босқичида.
Терма жамоа тарихидаги энг кучли таркибни шуғуллантиряпман, деган мураббий ҳар сафар ўйиндан кейин оптимал таркибда ўйнай олмадик, дейиши ғалати эмасми?
Терма жамоа тарихидаги энг кучли таркиб дейилдими, дейилди. Наҳотки Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг кучли таркибда ҳар бир позицияда Бабаяннинг критерияси бўйича асосий таркиб футболчисини алмаштира оладиган футболчи йўқ?
…Мураббийда тактика бўлмаса ҳам ўйнаяпмиз. Лекин мураббий ҳеч бўлмаса таркибни тўғри танлашни билиши керак. Ҳа, таркибда кимни ўйнатиш ва кимга ишонч билдиришни биз ҳал қилмаймиз. Бу мураббий ваколатидаги иш ва унга ҳеч ким аралаша олмайди.
Бизнинг критериямиз бўйича таркибни ҳам танлай олмаётган мураббийни истеъфога чиқариш пайти келмадимикан?
Олдинда яна иккита тур бор. Кўп нарса бугунги Қатар — Жанубий Корея ўйинига ҳам боғлиқ. Лекин ишонинг, бизда охирги тургача ҳам имконият бўлади. Фақат бу имкониятни бирорта бошқа мураббий билан синаб кўрайлик.
Ким келса ҳам иккита ўйинга келишиб олиб келиш керак. Чиқаролмаса ҳам кескин танқид бўлмайди. Чунки вақт жуда тиғиз. Шунчаки бошқага имконият бериб кўрайлик, назарий жиҳатдан олиб кўрилса, ҳали имкониятлар ёмон эмас. Шунчаки терма жамоа ўйинига бироз ўйин қўшиши керак. Терма жамоага мураббий керак. Чиқмаган жондан умид деганларидек…
Гап мундиалда ҳам эмас, умуман Ўзбекистон терма жамоаси футбол ўйнаши керак. Осиёда Ўзбекистон деган номимиз борлигини унутмайлик".
Умуман олганда, эътирозларнинг деярли барчаси бош мураббий Самвел Бабаянга қаратилган. Хайрулла Холиқов ҳам ўз мақоласида айнан терма жамоа бош мураббийини мағлубиятда бош айбдор қилиб кўрсатган.
"Кеча бўлиб ўтган Эрон — Ўзбекистон ўйинини кўриб менда бир савол пайдо бўлди: терма жамоамизнинг бор ўйини шуми ёки бўлмаса футболчилар мураббийни кетказиш учун атайин шунақа ўйнашдими?
Агар биринчиси бўлса, демак мураббий айбдор, мабодо иккинчиси бўлса, бунда ҳам мураббий айбдор. Тўғрисини айтаман, Самвел Бабаян термага бош мураббий бўлганидан бери унинг қўл остида ҳали бирор марта маънили футбол кўрмадим. Худдики йигитлар 90 дақиқа югуриб беришса бўлгани. Агар 60 дақиқа югуриш керак бўлса 60, 120 дақиқа югуриб бериш керак бўлса яна шунча чопишади, бироқ барибир мазмун ва маъно кўринмайди.
Кечаги ўйинда бир жамоа ўйнади, иккинчиси рақибнинг яхши ўйнашига қарашиб юборди, холос. Тўғри, баъзи вазиятларда биз ҳам ёмон кўринмадик, лекин ўйиннинг умумий картинасини оладиган бўлсак, "оқлар" ўйнаган, "кўклар" кузатган бўлиб чиқади. Бу ўйинда кўрдикки, терма жамоада мураббий бўлмагунча ҳеч нарса қила олмас эканмиз.
…Самвел Бабаянни яхши ташкилотчи, кучли менежер сифатида ҳурмат қиламан, аммо мураббий сифатида ҳеч нарса қила олмаслигини ўзи ҳам яхши билса керак. Агар Бабаянни биров мажбурлаб ушлаб ўтирмаган бўлса, керак бўлса бугуноқ истеъфо бергани маъқул. Чунки у аввало ўзини қийнаяпти. Футболчилар унинг қўл остида ўйнагилари келмаяпти. Лекин Бабаян буни сезмаётган бўлса, демак айб ўзида.
…Бабаян ва унинг ёрдамчиларидан илтимос, ўзингизни ҳам, футболчиларни ҳам, халқни ҳам қийнаманг. Кўриб турибсиз-у, токи сизлар бор экан улар бундан зўр ўйнаб беришмайди. Майли "Обод"га боринг (Бабаян иккинчи даврада "Обод"ни олармиш деган гап чиқди), ёшларни тарбияланг, фақат миллий терма жамоани ўз ҳолига қўйинг, илтимос. Майли Сиз кетганингиз билан ҳеч нарса ўзгармасин, лекин барибир шу ишни қилинг. Миллионлаб мухлислар Сиздан фақат шуни кутмоқда!"
Ўзбекистон терма жамоасига атаб ҳаттоки шеърлар ҳам битилди.
"…Сенга бўлолмас тиргак,
Ўн бир ичи бўш терак.
Сенга "тез ёрдам" керак,
Шўрлик ўзбек футболи!
Манзилни ғамин ема,
Сен тешилган бир кема,
Ўзбекистонман дема,
Шўрлик ўзбек футболи!"
деб ёзади Ботиржон Эргашев.
RASSIYAJCH никли яна бир мухлис эса шундай ёзади:
"Қара, онанг ТВ ёнида,
Қилаяпти сен учун зарда.
Бунча ёмон ўйнамасдинг-ку,
Уялмадинг, юзинг бепарда.
Эр йигитнинг чин юрагида,
Доим бўлсин ишқ диёнати.
Бу ўйиндан кўра қизиқроқ,
Аёлларнинг чемпионати.
Яхшилик қил, юртингни яшнат,
Қўлдан берма шундай имконни.
Сен ҳеч кимдан кам эмассан бил,
БОЛАСИСАН УЗБЕКИСТОННИ!"
"…Кўп йилки рақибни йиқолмаганлар,
Бу кетишда асло йиқолмайдиям.
Оддий бир "саҳна"дан чиқолмаганлар,
"Жаҳон саҳнаси"га чиқолмайдиям!
Халқим кунинг қолди, "ўн бир актёру"
Ва пулга сотилган "режиссёрлар"га.
Бошқа мансаб берма, азон куйидан,
Нафрат туядиган "дирижёрлар"га…"
деб ёзади Абдураҳмон Мешаян.
Биз эса азиз футбол ишқибозларига эҳтиросларга берилманг, асабни асранг деб қоламиз. Зеро бу мағлубият биринчи аламли мағлубият эмас… Лекин охиргиси бўлиб қолади деб умид қиламиз.