ТОШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамаси тузилмаси ўзгартирилди, деб хабар бермоқда Podrobno.uz. Ўзбекистон президентининг бу ҳақдаги қарори президентнинг расмий веб-сайтида келтирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, бош вазирнинг ўринбосари — Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплексининг раҳбари лавозими тугатилди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев қарорига асосан бош вазир ўринбосари — "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси — Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари ҳамда бош вазир ўринбосари — экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт комплекси раҳбари лавозимлари ҳам тугатилди.
Уларнинг ўрнига қуйидаги лавозимлар жорий этилди:
— Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари — иқтисодий ривожланиш масалалари, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш комплекси раҳбари;
Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари — "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси — ташқи иқтисодий фаолият, экспорт салоҳиятин, машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг раҳбари.
Вазирлар Маҳкамасида тўртта ахборот-таҳлил департаменти тугатилди. Шунингдек, ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси ҳам тугатилди.