ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси томонидан UNITEL ва COSCOM уяли алоқа операторлари охирги вақтларда қўпол равишда ва бир неча маротаба радиоэлектрон ва юқори частотали қурилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда давлат инспекцияси хабар берди.
Масалан, UNITEL компанияси ноқонуний равишда тижорат мақсадларида базавий станция ва радиореле тармоқларидан қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштирмасдан ҳамда радиоалоқа воситалари ва юқори частотали қурилмалардан техник эксплуатация қилиш учун ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фойдаланган.
COSCOM компанияси Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида базавий станциялар ва радио қурилмалардан ноқонуний фойдаланган.
Шундай қилиб, иккала уяли алоқа оператори Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан берилган уяли алоқа хизмат кўрсатиш лицензия шартлари ҳамда бир неча қонун талабларини бузишган.
Давлат инспекцияси маълумотига кўра, фойдаланувчилардан мазкур операторлар алоқа сифати бўйича шикоятлар сони кундан кунга ортиб бормоқда, хусусан суҳбат тўсатдан узилиб қолиши ёки сигнал йўқолиши бўйича эътирозлар билдирилмоқда. Иккала уяли алоқа оператори қонун талабларига қатъий риоя қилиш ва лицензия шартларини бажариш бўйича такроран кўрсатмалар олди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.