ТОШКЕНТ, 9 июн — Sputnik. Япония юқори палатаси император Акихитога тахтдан воз кечиш ва бошқарувни унинг тўнғич ўғли — меросхўр шаҳзода Нарухитога бериш тўғрисидаги махсус қонунчилик лойиҳасини тасдиқлади. Овоз беришда 242 депутатдан 235 нафари иштирок этган ва уларнинг барчаси ҳужжатни қўллаб қувватлашган.
Қонуннинг қабул қилинишига Акихитонинг ўз халқига қилган тарихий мурожаати сабаб бўлган. 2016 йилнинг августида император ёши бир жойга бориб қолгани туфайли "давлат рамзи" сифатида ўз мажбуриятларини бажара олишидан ҳавотирда эканлигини маълум қилган эди.
Аммо айни вақтда Япониядаги қонунчиликка кўра, меросхўр фақат император вафотидан сўнг тахтга чиқиши мумкин эди. Япония ҳукумати бу қонунга ўзгартиш киритишни лозим топмади. Уларнинг фикрича, бундай ўзгаришлар келажакда императорларга сиёсий босим ўтказилишига олиб келиши мумкин эди. Натижада, тегишли қонун Акихито учун махсус ишлаб чиқилди.
"Императорнинг 200 йил ичида илк маротаба тахтдан воз кечиши — бу давлатчилик асослари, унинг узоқ тарихи ва келажаги билан боғлиқ бўлган муҳим масала. Уни ҳаётга татбиқ этиш устида ҳукумат синчковлик билан иш олиб боради", — деб айтган шу муносабат билан мамлакат бош вазири Синдзо Абэ.
Қонунга мувофиқ, Акихито тахтдан воз кечгандан сўнг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва бошқа имтиёзларни сақлаб қолади, унга расман "жаноби олийлари" дея мурожаат қилишади. Шу билан бирга уни "дзёко" (тахтдан воз кечган" деб номлашади, унинг рафиқаси император Митико эса "дзёкого"га айланади.
Дунёнинг энг кекса монархия сулоласи вакили бўлган Акихито 1933 йилнинг 23 декабрида дунёга келган. У император Хирохито(1901-1989) нинг тўнғич ўғли. 20 асрнинг 50 йилларида Акихито олий қавмларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Митико исмли қизга уйланган. Акихито у билан теннис кортида танишган.
Охирги марта Япония императори 1817 йилда тахтдан воз кечган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.