ТОШКЕНТ, 7 июн — Sputnik. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги янги ўқув йилидан талабаларга стипендия тўлаш тизимини ўзгартирмайди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бугунги кунда Ўзбекистон олий ўқув юртларида стипендиялар талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларига қараб тўланади. Бироқ шу йил бошларида республикада стипендия тўлаш тартиби ўзгариши, ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар барча талабалар бир хил стипендия олишлари ҳақида миш-мишлар тарқалди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Иномжон Мажидов бу масала ҳозирча муҳокама қилинмаётганлигини билдирди.
"Талабаларнинг муносабати йиллар давомида шаклланиб келган тизимга ўзгартириш киритишга ҳали эрта эканлигини кўрсатди. Бу тизимда ўзгаришлар бўлиши талабаларнинг хавотирига сабаб бўлганлигига гувоҳ бўлдик. Бироқ яқин йилларда стипендиялар тўлаш тартибига ўзгартиришлар киритилмаслиги истиқболда ҳам шундайлигича қолишини билдирмайди", — деди у Sputnik мухбирига.
Унинг сўзларига кўра, агарда стипендия тўлов тартибига ўзгартириш киритилса ҳам кескин эмас, балки стипендиялар миқдори орасидаги фарқни аста-секинлик билан мунтазам равишда камайтириш орқали амалга оширилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.