ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Фейсбукдаги Uzbek MDK саҳифаси маъмури Бобур Фозилов Усмонов-Навальный видеобаҳсига бағишланган энг яхши ҳазил, мем ва роликлар танловининг 4 нафар ғолибидан бири бўлди.
У 10 мингдан ортиқ даъвогар ичида ғолиб чиқди ва iPhone 7 Plus соҳибига айланди.
Бобур Фозилов Facebookдаги саҳифасида бу ҳақда маълум қилди.
"Менинг мемимни шахсан Алишер Усмонов танлаб олди!", — деб ёзди у.
Сўнгра эса ушбу мукофотни сотишини эълон қилди.
"Мен Алишер Усмоновга бағишланган мем учун Iphone 7+ ютиб олдим! Айфонни сотаман! Пулини эса болалар уйига бераман!", — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Усмонов Навальныйга биринчи видеомурожаатини 18 май куни эълон қилганди. Тадбиркор ўзига нисбатан айтилган қатор айбловлар, хусусан, Дмитрий Медведевга пора бериш, солиқ тўламаслик, собиқ Иттифоқ даврида зўрлаш учун қамалганлик каби айбловларни туҳмат деб атаган ва Навальныйни судга берганди.
Кейинроқ Алишер Усмонов Навальныйга қилган видеомурожаати асосида пародия, ролик ва карикатуралар танловини эълон қилди. Танловда барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин ва ғолибга iPhone 7 Plus ҳамда Усмонов имзоси туширилган футболка совға қилинади.