ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Тошкент шаҳрида йўл транспорт ҳодисаларни қайд этиш махсус фото ва видео кузатув тизими жорий этилиши натижасида йўл транспорт ходисалари 3 бараварга камайди, деб хабар қилди UZ24 нашри, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумоти асосида.
2017 йилнинг 15 мартидан 29 майига қадар ҳайдовчилар айби билан 235 та йўл транспорт ҳодисалари содир бўлган. Бу 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 28,8 % га кам. Қурбон бўлган ва жароҳатланганлар сони 40,4% ва 31,1 % га камайди.
Лекин, Тошкентнинг айрим туманларида бу бародаги вазият салбий томонга ўзгарди. Жумладан, шу давр мобайнида Учтепа туманида 33 киши (2016 йилда — 24 киши), Бектемир туманида 11 киши (2016 йилда 8 киши) жабрланди.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 15 мартдан бошлаб Тошкентнинг 115 та чорраҳасида йўл транспорт ходисаларни махсус фото ва видео кузатув тизими ишга туширилган бўлиб, жами 883 та кузатув видеокамералари ўрнатилди. Ҳозирги кунда ушбу тизимда Йўл ҳаракати қоидаларининг 2 турдаги бузилишини автоматик қайд этиш функцияси мавжуд. Булар — автотранспорт ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракатланиш тезлигини ошириши ва сфетофорнинг тақиқловчи белгисида ўтиш.
Яқин орада Самарқандда ҳам шундай тизим ишга туширилади. Ҳозирги кунда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.