ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. БМТ бош котиби Антониу Гутерреш Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб турнеси доирасида Оролбўйи минтақасида бўлади, деб хабар бермоқда Podrobno.uz Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Борий Алихоновга асосланиб.
БМТнинг янги бош котиби июнь ойининг биринчи ярмида Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқиши кутилмоқда.
"Мендаги маълумотларга кўра, Орол ва Оролбўйидаги ҳолат билан танишилади. Жаноб Гутерреш экологик объектларга ташриф буюради", — деган Алихонов.
БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мун 2010 йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда бўлган. Ўшанда у Нукусга ташриф буюрган ва Орол денгизини вертолётда туриб кузатган.
Португалия собиқ бош вазири Антониу Гутерреш 2017 йилнинг 1 январидан расман БМТ бош котиби лавозимига киришган.