ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Фарғонанинг "Нефтчи" клуби раиси сифатида фаолият олиб борган Рустам Абдуллаев ҳамда жамоа катта мураббийи Мурод Исмоиловлар ўз аризасига кўра истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда билдирилишича, Олий лига 12-туридан ўрин олган "Локомотив" — "Нефтчи" баҳсидан сўнг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев клуб қароргоҳида йиғилиш ўтказди. Йиғилишда шу кунга қадар клуб раиси сифатида фаолият олиб борган Рустам Абдуллаев ҳамда жамоа катта мураббийи Мурод Исмоиловлар ўз аризасига кўра истеъфога чиқарилди. Бош мураббий Андрей Фёдоров эса жамоага янги бош мураббий топилгунга қадар вақтинча ишлайди.
Жамоа таркибида ҳам катта ўзгаришлар кузатилади. Фақат бу жараён биринчи давра якунига етганидан сўнг амалга оширилади. Клуб раҳбарлари томонидан жамоа олдига юқори кўрсаткичларни қайд этиш вазифаси қўйилмоқда.
Жамоа раиси лавозимига Фарғона футбол федерацияси вице-президенти Тоҳир Кападзе тайинланди.
“Нефтчи” жамоаси 2017-йилги мавсумни кўнгилдагидек ўтказа олмаяпти. Биринчи давра якунланишига оз фурсат қолганда жамоа турнир жадвалининг қуйи поғоналарини банд этиб турибди.