Лола Каримова-Тилляева Мирзо Улуғбек ҳақидаги фильм трейлерини ҳавола этди

© СтрингерПостер к фильму "Улуг Бек. Через тернии к звездам"
Постер к фильму Улуг Бек. Через тернии к звездам - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жаҳон киноси юлдузлари Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле иштирок этган фильмга Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев кинопродюсерлик қилишган

ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили Лола Каримова-Тилляева "Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон" ҳужжатли фильмининг расмий трейлерини ҳавола этди.

У ўрта асрлар буюк олим ва мутафаккири, Самарқанд ҳукмдори Мирзо Улуғбекка бағишланган ушбу ҳужжатли фильм Искья ва Венецияда (Италия) бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирок этишини маълум қилди.

Фильмга Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляевлар кинопродюсерлик қилишган.

Лола Каримова-Тилляеванинг ёзишича, фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев ушбу кинокартинада XV асрнинг буюк астрономи ҳамда Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарларни акс эттиришга ҳаракат қилган.

"Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган хислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир", — дея таъкидлайди Лола Каримова-Тилляева.

"Ушбу кинокартинани Ўзбекистонда туғилиб-ўсган, мавзуни теран ҳис этадиган ижодкор яратиши керак эди. Бу жиҳатдан, Баҳодир фильмни суратга олиш ҳақидаги таклифимизни мамнуният билан қабул қилганидан хурсандман. У кўз очиб юмгунча улуғ олим ва ҳукмдор яшаган даврга шўнғиб кетди", деб ёзади у.

Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

Фильмни суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d'Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John's коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилган. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди.

Постер к фильму - Sputnik Ўзбекистон
Голливуд актёрлари суратга тушган Мирзо Улуғбек ҳақидаги фильм экранларга чиқади

Кинокартинада жаҳон киноси юлдузлари Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳамда миллий кино усталаримиздан Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслоновлар иштирок этди.

Фильм мусиқаси эса 1999 йилда "Титаник" фильмига ёзилган "My Heart Will Go On" қўшиғи учун "Гремми" мукофотига сазовор бўлган Ҳолливуднинг машҳур бастакори Уолтер Афанасьефф томонидан махсус яратилди.

Хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси бўлмиш Мирзо Улуғбек дунё илм-фанида ўчмас из қолдирган. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланди. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврининг пешқадам олиму фузалолари жам бўлган эди.

Аллома тартиб берган астрономия жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китоблардан атиги 25 сонияга фарқланади.

Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.
Янгиликлар лентаси
0