ТОШКЕНТ, 29 май – Sputnik. Ўзбекистоннинг энг йирик автомобил ишлаб чиқарувчиси GM Uzbekistan бугундан бошлаб 31 майга қадар автомобилларни харидорларга топширишни вақтинча тўхтатди.
"ДжиЭм Ўзбекистон" АЖ томонидан автомобиллар қолдиқларини инвентаризация қилиниши муносабати билан, 2017 йилнинг 29 майидан 31 майигача янги шартномаларни тузиш ва автомобилларни бериш вақтинчалик тўхтатилади”, — дейилган компния расмий хабарида.
Хабарда, шунингдек, инвентаризация якунлангандан сўнг, тўланган шартномалар бўйича автомобилларни, тузилган шартномаларда кўрсатилган нархларда етказиб бериш амалга оширилиши ҳам айтиб ўтилган. Шартномада кўрсатилган нархнинг 85%и ёки ундан кўпроқ қисми тўланган ҳолларда, автомобил нархи тўланган ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин, Ўзбекистон президентининг қарорига асосан, GM Uzbekistan автомобиллари 1 июндан бошлаб ички бозорда сўмга сотилиши эълон қилинган эди.