ТОШКЕНТ, 24 май — Sputnik. 2017 йил 24-26 май кунлари Туркия Бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш ва Маданият ва туризм вазири Наби Авжи Ўзбекистонга ташриф буюрадилар. Бу ҳақда Туркия элчихонасининг матбуот хизмати хабар берди.
Туркия Бош вазири ўринбосари Туғрул Туркеш ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов ҳамраислигида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Хукуматлараро қўшма комиссиянинг тўртинчи мажлиси ўтказилади. Мажлис доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгаши (DEİK) ҳамкорлигида икки давлат ишбилармонлари, фирма ва компаниялари вакиллари ўртасида бизнес форум ва икки томонлама учрашувлар ўтказилади.
24-26 май кунлари, шунингдек, Туркия Маданият ва туризм вазири Наби Авжи бошчилигидаги делегация аъзолари билан ҳам бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф доирасида делегация таркибидаги Туркия туристик компания вакиллари ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишади.
Ташрифдан кўзланган мақсад икки давлат раҳбарлари учрашувларида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталарини иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларга кенгайтирган ҳолда яна ҳам мустаҳкамлашдир. Наби Авжи, шунингдек, ўз ташрифи доирасида Бухорада бўлиб ўтадиган Ипак ва зираворлар фестивали очилиш маросимида ҳам иштирок этади.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ва Туркия савдо ва иқтисодий алоқаларидаги ижобий тенденциялар ҳамда ўтказилиши режалаштирилган ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлиси ва бизнес форумнинг, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.