ТОШКЕНТ, 21 май – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 21-май куни Ар-Рийод шаҳрида бўладиган араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига келди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Ар-Риёдда Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев саммитда учрашишдан ташқари бир неча икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказиш режалаштирилган. Улар орасида Ислом Тараққиёт Банки президенти Бандар Ҳажар, Саудия Подшоҳи ва Валиаҳди билан учрашувлар бор.
Ушбу учрашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.