ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Жан-Ив Ле Дрианни Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар бўйича вазири лавозимига тайинлангани муносабати билан табриклади.
"Биз Сизнинг 2012 йил июлдаги Ўзбекистонга ташрифингизни ва ушбу ташриф давомида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан батафсил фикр алмашилганини илиқлик билан эслаймиз", — дейилади табрикда.
Табрикда таъкидланганидек, 2017 йил 16 май куни "Ўзавтосаноат" АК ва "Пежо Cитроëн" гуруҳи ўртасида "Жиззах" эркин индустриал зонаси ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисидаги Битим имзоланиши қўшма фаолиятнинг яна бир аҳамиятли натижаларидан бири бўлди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Жан-Ив Ле Дрианнинг юқори мансабдаги фаолияти "мамлакатларимизнинг дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган самарали шерикчилигини мустаҳкамлашга қўшимча туртки бериши"га ишонч билдирди.