Ўзбекистондан Рамазон мавсумида 650 киши умра зиёратига боради

© Sputnik / Михаил Воскресенский / Медиабанкка ўтишПаломники в Мекке
Паломники в Мекке - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Жорий йилги Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. "Умра-2017" Рамазон мавсуми зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишлари 13 июнидан 29 июнига қадар давом этади

ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. "Умра-2017" Рамазон мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун ўқув машғулотлари ўтказилди, деб хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати.

Ўқув машғулотлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорликда ўтказилди.

Семинарда гуруҳ раҳбарларига сафарга бориб келгунга қадар бўлиб ўтадиган барча тадбирлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, семинарда иштирок этган шифокорлар гуруҳи аъзоси томонидан умрачиларга етказилиши лозим бўлган тиббий тавсиялар тўғрисида ҳам алоҳида маълумотлар бериб ўтилди.

"Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг қарор ва тавсиялари билан ташкил этилган мазкур мавсум давомида 650 нафар фуқароларнинг умра зиёратига боришлари режалаштирилган.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни Умра сафарига олиб бориш учун 30та рейс ташкил этилади

Жорий йилги Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи аъзоси, 13 нафар гуруҳ раҳбари, 3 нафар шифокор ҳамда 2 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Умра зиёратига тайёргарлик доирасида барча зиёратчилар мавсумий касалликларга қарши эмланиб, давлат рамзи туширилган камзул ва сумкалар билан таъминланади. Сафар олдидан уларга умра сафарининг моҳияти, уни адо этишга доир масалалар гуруҳ раҳбарлари томонидан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.

Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида кузатиш ва кутиб олиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ўртасидаги келишувга асосан, "Умра-2017" Рамазон мавсуми зиёратчиларини кузатиш ва кутиб олиш ишлари 13 июнидан 29 июнига қадар давом этади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0