ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. Ўзбекистонда йил бошидан буён 710 километрдан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари ҳолати яхшиланди. Бу ҳақда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Кўрсатилган даврда инвестиция дастури бўйича 59,7 млрд. сўмлик реконструкция ишлари, капитал таъмирлаш дастури бўйича 9,4 млрд. сўмлик иш бажарилди.
Хусусан, А-373 "Тошкент-Ўш" автомобиль йўли ҳамда "Поп шаҳри-Тошкент-Ўш" автомобиль йўли кесишмасида транспорт ечими фойдаланишга топширилди. Наманган вилояти Поп тумани ҳудудида қурилган, узунлиги 48 метр ҳамда эни 10 метрдан иборат бўлган мазкур кўприкнинг фойдаланишга топширилиши пойтахт ва Фарғона водийси ўртасида қатновчи автомобилларнинг ҳаракати учун қулайлик яратади, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида битум сақлаш омборлари қайта қурилди, "Танхоз" дарёси устидан карьерга олиб борувчи кўприк барпо этилди. Шунингдек, 782 метр узунликдаги темир йўл шохобчалари реконструкция қилинди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.