ТОШКЕНТ, 17 май — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди. Бу ҳақда палата ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон президентининг Хоразм ва Қашқадарё вилоятларига сафарлари чоғида туризм соҳасини ривожлантириш учун мазкур минтақаларнинг салоҳияти юқори эканлиги ҳисобга олинган ҳолда Хива ва Шаҳрисабзни мустақил маъмурий бирлик этиб қайта ташкил қилиш ҳамда уларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш топшириғи берилган эди.
"Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган жаҳон аҳамиятига молик бу қадимий шаҳарларнинг туристик салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради", дейилади ахборот хизмати хабарида.
Ўзбекистон Республикасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасига кўра "… вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига, қоида тариқасида, камида 30 минг аҳолиси бўлган, муҳим маъмурий аҳамият касб этадиган, истиқболли иқтисодий ва маданий марказлар деб ҳисобланган шаҳарлар киритилиши мумкин".
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.