ТОШКЕНТ, 14 май – Sputnik. Ўзбекистон Меҳнат вазирлигида Япония делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон фуқароларини Японияда ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
“ChuoSangyoShinko” ассоциацияси директори Казуми Маэда, «ThreeConcierCo., Ltd.» президенти жаноб Харуки Коминэ, «Kinunokai» ижтимоий таъминот корпорацияси директори жаноб Масао Отани, «Medical Brain Co., Ltd.» компанияси президенти Хироказу Кимура, «WolfАrden» корпорацияси менеджери Хидемичи Ота ҳамда “PRIEM” ижтимоий таъминот копрорацияси мнеджери Татсуки Кимуралардан иборат бўлган Япония делагацияси билан учрашув Меҳнат вазирлигида 13 май куни бўлиб ўтди.
Ўзбекистон томонидан учрашувда Меҳнат вазири А. Абдуҳакимов, Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Х.Асамов ҳамда бошқа маъсул ходимлар иштирок этди.
Учрашувда, Ўзбекистон фуқароларини Япониянинг йирик ижтимоий таъминот компанияларига ишга жалб қилиш масаласи кўриб чиқилди. Шунингдек, Фарғона водийсида Японияда ишлаш учун кадрлар тайёрлов маркази очиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида сўзга чиққан Ўзбекистон Меҳнат вазири А. Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Япония орасида ўзаро ишонч ва ҳурмат ҳамда очиқликка асосланган суҳбат ўрнатилганини ва ушбу суҳбат муносабатларни чуқурлаштиришга хизмат қилаётганини хабар қилди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Япония меҳнат бозорини керакли кадрлар билан таъминлаши мумкинлиги таъкидланди. Шу ўринда Германия меҳнат бозорни керакли кадрлар билан таъминлаётган Туркия сифатида кўрсатилди ва бундай ҳамкорлик иккала мамлакат иқтисоди учун ҳам фойдали бўлгани таъкидланди.
Япония томони ўз навбатида ташкил қилинган ушбу учрашув учун миннатдорчилик билдирди ва Япония бозорида ҳақиқатдан ҳам кичик тиббий персонал кадрлари кераклигини таъкидлади. Ундан ташқари Япония 2017 йилнинг ноябрига қадар Япония ижтимоий ташкилотларига 35 нафар, йил охиригача эса 1000 нафар Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилишга тайёр эканини таъкидлашди.
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Ташқи Меҳнат миграцияси агентлигига қисқа вақт ичида кадрлар ёллай бошлашни топширди. Кадрла танлаш Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги томонидан амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз, Японияда ишлаш учун тиббий малакадан ташқари Япон тилини билиш даражаси 4 дан кам бўлмаслиги керак. Японияга юборилишидан олдин фуқаролар Агентлик томонидан ташкил қилинган махсус тайёрлов курсларидан ўтишади.
Япония делегацияси ташриф доирасида Тошкентдаги “Саховат” қариялар уйига ҳам ташриф буюришди.