TOШКЕНТ, 13 май — Sputnik. Аралаш жанг санъати бўйича UFC йўналишида енгил вазнда иштирок этувчи россиялик жангчи Ҳабиб Нурмагомедов 21 май куни Ўзбекистонга келади. Спортчи бу ҳақда ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
"Ўзбекистонга отланмоқдамиз. Семинар ўтказамиз, мухлислар билан суҳбатлашамиз ва Тошкент, Бухоро, Самарқанд шаҳарларига борамиз", — деб ёзади у Instagramда.
Uzbekistan Todayнинг хабар беришича, Нурмагомедов Тошкентга MMA жангчилари Зубайр Тухугов, Исламом Махачев, Абубакар Нурмагомедов ва Ислам Мамедовлар билан келади.
Спортчилар семинар-мулоқот чоғида мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.
Бундан ташқари, жангчилар жиу-житсу бўйича Ўзбекистон чемпионатига фахрий меҳмон сифатида ташриф буюришади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.