TOШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Бугун Бокуда 54 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ спортчи иштирок этувчи тўртинчи Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Навбатдаги ўйинларни Озарбайжон пойтахтида ўтказиш ҳақидаги қарор 2013 йил июлида Ислом ҳамжиҳатлик спорт федерациясининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган ҳисобот-танлов бош ассамблеясида қабул қилинган. Ўйинларнинг ёпилиш маросими 22 май куни ўтказилади.
Илгарироқ Ўйинлар ташкилий қўмитаси раиси, Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева унда 57 мамлакатдан 3 мингдан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилаётгани ҳақида маълум қилганди.
"Бу Ислом ҳамжиҳатлик ўйинлари учун рекорд. Атлетлар 10 кун давомида спортнинг 23 тури бўйича 16та спорт майдонида беллашадилар. 1,6 минг дона медаллар топширилиши кутилмоқда", — деди у.
Ўйинлар 50та мамлакатга трансляция қилинади, мусобақаларни бир миллиарддан ортиқ телетомошабин томоша қилади.
Чоршанба куни Катарнинг "Ал-Касс" спорт телеканали Facebook ижтимоий тармоғида Қувайт, Ливия ва Судан ўз жамоаларини юбормасликка қарор қилишганини маълум қилди. Телеканал бундай қарорга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритмаган.
Хавфсизлик
Ўйинлар вақтида хавфсизликни таъминлаш учун Озарбайжон ИИВ шахсий таркибининг 12 минг ходими жалб этилган, деб маълум қилди республика ички ишлар вазири Рамил Усубов.
"Ўйинлар вақтида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ички ишлар органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида 2017 йил январда 30та объектни қамраб олувчи оператив штаб ҳамда 15та ёрдамчи штаб тузилган. Умуман олганда, ички ишлар органларидан ушбу муҳим халқаро тадбирга жалб этилган шахсий таркиб сони 12 минг кишини ташкил этади. Улардан 252 нафари аёллардир", — деди Усубов.
Озарбайжон давлат махсус қўриқлаш хизмати бошлиғи Вагиф Ахундовнинг айтишича, хавфсизликни таъминлаш учун "Боку олимпия стадионида ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари чоғида вертолётлар" фаолият кўрсатади..
Усубов республикадаги барча дипломатик ваколатхоналарни кучайтирилган тарзда қўриқлашга буйруқ берди, ИИВнинг барча органлари 5-25 май кунлари кучайтирилган тартибда ишлайди, жамоат жойлари ва кўчаларда пост-патрул бўлимлари сони оширилади. Барча стратегик объектларнинг қўриқланиши кучайтирилади.
Ҳаммаси меҳмонлар учун
Ўйинлар ўтказиладиган кунлар давомида туристлар учун экскурсиялар ташкил этилади, музей ва галереяларнинг иш вақти узайтирилади, пойтахт театрларидаги спектакллар матнини рус ва инглиз тилларида тинглаш мумкин бўлади, деди Озарбайжон маданият ва туризм вазири Абулфас Гараев.
"Театр саҳналарида озарбайжонлик ёш муаллифлар ва мумтоз адабиёт вакиллари қаламига мансуб асарлар асосида саҳналаштирилган спектакллар намойиш этилади. Президентнинг топшириғига биноан барча театрларда синхрон таржима йўлга қўйилади. Театрларда спектакллар матнини рус ва инглиз тилларида тинглаш мумкин бўлади", — деди Гараев.
Унинг сўзларига кўра, Ўйинлар ўтказиладиган кунларда туристлар учун Боку ва вилоятлардаги маданий-тарихий масканлар, турли музейлар бўйлаб экскурсиялар уюштирилади.
"Ўйинлар вақтида мамлакатимизга ташриф буюрган туристларга давомли хизмат кўрсатиш мақсадида музей ва галереяларнинг иш вақти вақтинчалик узайтириладию Ўйинлар кунлари пойтахтимиз меҳмонлари учун "шаҳар тури" йўналиши бўйича туристик автобуслар хизмат кўрсатади. Туристларга керакли ёрдам кўрсатиш учун кўнгиллилар иштирокида "Ask me — мендан сўранг" лойиҳаси фаолият кўрсатади. Ёш йигит ва қизлар гавжум жойларда ишлашади", — деди вазир.
Ёшлар ва спорт вазири Азад Рагимов Ислом ҳамжиҳатлик ўйинлари мусобақалари учун савдога 500 мингдан ортиқ билет чиқарилишини айтди. "Бевосита эфирда очилиш ва ёпилиш маросимларини ҳамда футбол учрашувларини трансляция қилиш режалаштирилмоқда. Бошқа мусобақалар спорт бюллетени тарзида кўрсатилади. Ўйинлар Олимпия канали орқали ҳам трансляция қилинади", — деди у.
Вазир Ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросимларига 31 мамлакатдан беш мингдан ортиқ ходим жалб қилинишини билдирди.
"Маросимларда саккиз мамлакатда ишлаб чиқарилган саҳна қурилмаларидан фойдаланилади. Маросимлар Боку олимпия стадионида ўтказилади. Маросимларда иштирок этиш учун тўққиз минг нафар озарбайжонлик ёшлар мурожаат қилди, улардан тўрт минг нафари танлаб олинди", — деди вазир.
Алиев мукофот ваъда қилмоқда
Пайшанба куни маълум бўлишича, ҳамжиҳатлик ўйинларида ғолиб бўлган озарбайжонлик спортчилар 100 минг манатдан (деярли 59 минг доллар), уларнинг мураббийлари эса ушбу пулнинг ярмини олишади.
"Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Бокуда ўтказиладиган IV Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларида юқори натижага эришган озарбайжонлик спортчи ва мураббийларни тақдирлаш ҳақидаги фармонга имзо чекди", — хабар берди Алиевнинг матбуот хизмати.
Унга кўра, биринчи ўринни олганҳар бир спортчига 100 минг манат, унинг мураббийига 50 минг манат (29 минг доллар), иккинчи ўринни эгаллаган ҳар бир спортчига 50 минг манат, унинг мураббийига 25 минг манат (14,6 минг доллар), учинчи ўринни олган ҳар бир спортчига 30 минг манат (17,6 минг доллар), унинг мураббийига 15 минг манат (8,8 минг доллар) берилади.
Ўзбекистонлик спортчилар ҳам ўйинларда иштирок этишади
Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамжиҳатлик ўйинларида Ўзбекистондан 165 нафар спортчи иштирок этади. Ўзбекистонлик спортчилар ушбу ўйинларда спортнинг 15 турида ўз омадларини синаб кўрадилар.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.