TOШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Тошкентда 13 май куни "Соғлом аёл — соғлом авлод" анъанавий баҳорги аёллар веломарафони бўлиб ўтади. Бу ҳақда UNFPA (БМТ аҳоли фонди)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизматига таяниб Podrobno.uz хабар бермоқда.
Веломарафон ҳар йили 15 май куни нишонланадиган Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилмоқда. Унда 18-30, 31-45 ва 45 ёшдан юқори тоифаларда хотин-қизлар иштирок этади. Босиб ўтиладиган умумий масофа 5 километр бўлиб, веломарафонга эрталаб соат 10да Абдулла Қодирий кўчасида старт берилади.
Марафон ғолибларни қутлаш маросими ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари билан ниҳоясига етади. Ўзбекистонлик айрим эстрада юлдузлари ва таниқли спортчилари ҳам веломарафонда қатнашишади.
Аёллар марафони Ўзбекистон велоспорт федерацияси ва UNFPA ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.