ТОШКЕНТ, 10 мая – Sputnik. Ўзбекистон ва Хитой орасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши Россия манфаатларига зид эмас деб ҳисоблайди россиялик экспертлар. Уларнинг фикрига кўра, Москва ва Пекинга Ўзбекистон иқтисодининг ривожланиши баробар керак.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга 11-15 май кунлари давлат ташрифи билан келади. Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Пекинда 14-15 май куни бў либ ўтадиган “Битта камар – битта йўл” иқтисодий форумида ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
ОАВлар хабарига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи давомида Ўзбекистон ва Хитой умумий қиймати 20 миллиард доллар бўлган шартномалар имзолашни режалаштирган.
Москва Карнеги маркази раҳбари Александр Гарбузовнинг фикрига кўра, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон орасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожланиши Россия манфаатларига зид эмас.
“Ўзбекистон-Хитой алоқалариннг ривожланиши Россия манфаатларига зид эмас, аксинча Ўрта Осиё мамлакатлари иқтисоди қанчалик ривожланса, аҳоли радикаллашувига имконият шунча кам қолади ва хавфсизлик нуқтаи назаридан ушбу ҳудуд шунчалик тинч бўлади”, — деди Гарбузов РИА Новостига.
МДҲ мамалкатлари институти Ўрта Осиё бўлими бошлиғи Андрей Грозин ҳам Ўзбекистонга киритилаётган Россия ва Хитой сармояларида фарқ кўрмаяпти.
“Бу ерда ички қарама-қаршилик йўқ. Аслида Мирзиёев, прагматик раҳбар сифатида, сармоявий салоҳият борасида Хитойнинг имкониятлари Россияникидан кўра анча кўп эканини яхши тушунади. Бу ерад ҳеч қандай сиёсий ёки мафкуравий сабаб йўқ. Ҳамма нарса ҳисоб-китобли”, — деди эксперт.
Москва ва Пекин Ўзбекистон иқтисоди ривожланиши ҳамда мамлакатда ижтимоий барқарорлик асоси яратилишидан бир хил манфаатдор.
“Бу оддий сиёсат. Россия ёки Хитой томонидан ваъда берилган сармояларини бир-бирига қиёслаб ўтириш – сариқ чақага арзимайдиган иш", — дейди Грозин.
Эксперт фикрига кўра, Хитой ҳам Россия ҳам Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси ва дунё куч марказларидир. Ушбу марказлар албатта Ўрта Осиё ҳудудига, жумладан Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлигига таъсир кўрсатади. Шунинг учун Москва ҳам Пекин ҳам, ҳудуднинг аҳолиси энг кўп бўлган республикасида ижтимоий барқарорлик сақланиб қолишидан манфаатдор. Иқтисодий ривожланиш эса — ижтимоий барқарорликни сақлаб қолишнинг услубларидан биридир.
“Янги иш ўринлари яратиш ва аҳолини ишлаб чиқаришга жалб қилишда Москва ва Пекин бир-бири билан рақобат қилмайди. Бу ерда биз бир мақсад йўлида, яъни Ўзбекистонда барқарорликни сақлаб қолиш учун, бир йўналишдан борамиз”, — деб қўшимча қилди эксперт.
Грозин айтишига қараганда, Хитой эълон қилган Ипак йўли иқтисодий камари ташаббусида логистика ва транспорт бўйича Ўзбекистонга ҳудуднинг асосий мамлакати сифатида қаралмоқда.
“Агар миллий иқтисодга Хитой киритган сармоялар миқдорини солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистон қўшни Қозоғистондан орқада. Хитой билан тузилган қўшма корхоналар сони унчалик кўп эмас, биргаликда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сони ҳам кам. Ислом Каримов президентилик даврида, Тошкент сиёсий нуқтаи назардан Пекин билан ҳамкорликка эҳтиёткор муносабатда эди. Республиканинг бугунги раҳбари — бошқача дунёқарашга эга бўлса ажаб эмас”, — деб ҳисоблайди Грозин.
Эксперт фикрига кўра, Мирзиёев Хитойдан ҳам Россиядан ҳам сармоялар олишга умидвор. Ундан кейин, агар Мирзиёев Брюсселга ёки Вашингтонга борса, у ерда ҳам Ўзбекистонга сармоялар киритишни ваъда беришади. Экспертнинг бунга ишончи комил.