ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Германиядаги таниқли "DIAMIR Erlebnisreisen" ва "Paradeast" сайёҳлик компаниялари веб-саҳифаларида ана шундай сарлавҳа остидаги маълумотлар туркуми эълон қилинди. Улар яқин вақт ичида Ўзбекистонга боришни режалаштирган саёҳатчилар учун мўлжалланган, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.
"Ҳар йили мазкур ўзига хос байрамга алоҳида муҳит бағишлаш учун ер шарининг турли нуқталаридан кўп сонли сайёҳлар, моҳир ҳунармандлар ва санъат намояндалари бу шаҳарга келишади. Жорий йилда ушбу маданиятлараро анжуманга Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон ва Хитой бизнес ҳамжамияти вакиллари ҳам таклиф қилинган", деб ёзади немис сайёҳлик компаниялари.
Таъкидланганидек, мазмундор саёҳат дастури германиялик саёҳатчиларга немис тилида сўзлашадиган гидлар ҳамроҳлигида Бухоронинг диққатга сазовор масканлари, маҳобатли меъморий ёдгорликлари билан яқиндан танишиш, анъанавий "Ипак ва зираворлар" фестивалининг очилиш маросимида қатнашиш, қўлда тайёрланган ноёб ҳунармандчилик маҳсулотларидан завқ олиш ҳамда яқинлари ва дўстлари учун ўзига хос эсдалик совғаларидан харид қилишлари учун жуда қулай имкониятни яратади.
Германиянинг "Presse Echo" ва "fair-News" ахборот порталларида ҳам "Ипак ва зираворлар" фестивали ҳақидаги материаллар эълон қилинди. Уларда Ўзбекистоннинг турли ҳудуларидан келадиган фолклор ансамбллари жамоаларининг чиқишлари, миллий ўйинлар, ўзбек ошхонаси таомлари, жумладан, ўзбекона палов ва бошқа неъматлардан татиб кўриш, темирчилик, зардўзлик, гилам тўқиш ва миллий халқ амалий санъатининг бошқа йўналишларидаги маҳорат дарслари сингари тадбирлар мазкур анжуман дастуридан жой олгани маълум қилинган.
"Фестивалдан кўзланган мақсад ноёб миллий меросни авайлаб асраш ва кейинги авлодларга етказиш, ўзбек халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан изоҳланади", деб ёзади немис электрон нашрлари.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.