ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Профессионал бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Руслан Чагаев Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик. Куни кеча у Андижон олимпия захиралари коллежида бўлди.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Андижон вилоятидаги ҳарбий қисмлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари махсус бўлимларидан иборат жамоалар ўртасида хизмат учкураши бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Андижон олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалари вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ва таниқли боксчи Руслан Чагаев томонидан тантанали тарзда топширилди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбирда иштирок этган бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони, андижонлик Руслан Чагаевга миллий тўн ва дўппи кийдирди.
"Мен мана шу юртда униб-ўсиб, муваффақиятларга эришганимдан доимо фахрланаман. Мени жаҳонга танитган она юртимга ва халқимга доимо таъзимдаман", — деди Руслан Чагаев.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.