ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Владимир Путин Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Конфедерациялар кубоги ва 2018 йилги Жаҳон чемпионати вақтида хорижлик ишқибозларнинг мамлакатга киришларини соддалаштирувчи қонунга имзо чекди. Қонун матни ҳуқуқий маълумотлар расмий порталида келтирилган.
Қонунчиликка киритилган тузатишларга кўра, ишқибозлар Россияга визасиз, "шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва электрон шаклдаги томошабин шахсий картаси" билан киришлари мумкин бўлади. Бу имконият чет элликларга Конфедерациялар кубоги ёки ЖЧ-2018 мусобақаларининг биринчи учрашуви бошланишидан 72 соат олдин берилади ва сўнгги ўйин ўтказиладиган куни якунига етади.
Россияда шу йилнинг 17 июнь-2 июль кунлари Конфедерациялар кубоги бўлиб ўтади. Унда олтита қитъа чемпионлари, мезбон мамлакат терма жамоаси ва охирги жаҳон чемпионати ғолиби иштирок этади.
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати эса 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлига қадар бўлиб ўтади. Чемпионат учрашувлари Москва, Калининград, Санкт-Петербург, Волгоград, Сочи ва бошқа йирик шаҳарларда ўтказилади.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.