ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Сурхондарёнинг Узун туманида катта тўй бўлгани, унга энг кучли полвонлар таклиф қилингани ҳақидаги хабар тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда келтирилган хабарга кўра, Узун тумани ҳокимининг муовини тўй қилган. Тўйга қўшни Қашқадарё ва Тожикистондан ҳам полвонлар келишган.
"Катта кураш бўлди, Тожикистондан ҳам полвонлар келди", — деб ёзган тўйда иштирок этган Файзулло Элшод.
Интернет фойдаланувчилари орасида курашга қизиқадиганлар Элшодга энг кучли полвонлар кимлар бўлгани ҳақида савол беришган.
"Мухлис полвон билан Тожикистонлик полвон", — дея жавоб берган тўй иштирокчиси.
"Совринга қўй, гилам, тилло(курашда буни қизил туя деб аташади) ва от қўйилди, деб ёзган хабар муаллифи.
Шунингдек, одамлар тўйга Абдулла Тангриев келади, деб кутишгани, аммо курашчи келмагани ҳақида маълумот берилган.
"Абдулла Тангриев анча йиллардан буён республикамизни биринчи рақамли полвони бўлиб келди. Менимча энди кураш мусобақаларида қатнашмаса керак. Энди мураббий бўлиб, ёшларни тарбия қилиб, ўзидек кучли полвонларни етиштириб чиқаргани фойдалироқ бўларди", — деб бу борада ўз фикрини билдирган Азизулло Муҳаммадризо.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.