ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Москва полицияси шаҳарга Ўзбекистондан келган 35 ёшли фирибгар — Ринат Губайдулинни қўлга олди, деб хабар берди "360" телеканали.
Таъкидланишича, эркак "қурбон" сифатида танлаган аёлларга ўзини прокурор деб таништирган.
Шунингдек, фирибгар ўз қурбонларининг биридан MacBook, iPhone, PSP, 50 минг рубль, янги йил арчаси ва ҳатто тошбақа солинган аквариумни ҳам ўғирлаб кетган.
Маълум бўлишича, фирибгар ўзининг Андрей исмли ўртоғи ёрдамида доимий равишда ижтимоий тармоқлар орқали москвалик қизлар билан танишган, шундан сўнг бор санъатини ишга солиб уларни пулга чув туширган. Фирибгар аёллар билан танишиб, уларнинг ишончига кириб олгач, "бўлажак оиласи учун янги уй қуриш", "ишдаги муаммолар" ва "Исроил давлатида саратон шишини операция ёрдамида олдириб ташлаш" сингари афсоналарни ишга солган ва ана шундай баҳоналар билан улардан катта миқдорда пул ундирган.
Охир-оқибат, фирибгарнинг қурбонлари гуруҳга бирлашиб, биргаликда суриштирув ишларини бошлаганлар. Эркакни ўғирликда гумон қилиб, ҳисбга олишган ва тергов вақтида у уй қамоғида сақланган. Альфонс уйланганлиги фош қилиниб, бунинг устига икки фарзанди борлиги ҳам маълум бўлиб қолган. Баъзи маълумотларга кўра, жиноятларни содир этишда унга рафиқаси ёрдам берган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.