ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кўп миқдорда рангли металлар партияси олиб чиқилишининг олди олинди. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Миллий хавфсизлик хизмати вакили хабар қилди.
"Махсус хизмат ходимлари томонидан давлат чегараси яқинида давлат рақамлари бўлмаган шубҳали юк автомашинаси аниқланди. Тезкор ходимлар воқеа жойига етиб боришганида, юк автомашинаси олдида ҳеч ким бўлмаган. Автомашина кузови кўздан кечирилганда кўп миқдорда рангли металлар партияси борлиги аниқланган. Эҳтимол, қоидабузарлар ушбу юкни Қозоғистонга олиб чиқишни кўзлашган", — деди МХХ ходими.
Қўшимча текширув ўтказиш учун "КамАЗ" русумли юк машинаси Нукус шаҳрига етказилган. Экспертиза натижасига кўра, транспорт воситасининг кузовида 11 тонна рангли металлар мавжудлиги аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилиб, қоидабузарликка алоқадор шахслар қидирилмоқда.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.