ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. АҚШ Қуролли кучлари Марказий Қўмондонлик қўмондони Жозеф Леонард Вотел Ўзбекистонга амалга оширган расмий сафари давомида Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтириб, "Мотамсаро она" монументи пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида хабар қилган.
Ўз сафари давомида Жозеф Вотел Тошкентдаги Хаст-Имом мажмуасини зиёрат қилди. Америкалик генералнинг расмий сафари жорий йилнинг апрел ойи охирида бўлиб ўтганлиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу сафар давомида Жозеф Вотел ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев икки томонлама,, шу жумладан, ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилишган. Америка генерали Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканлигини тасдиқлаган.