Янги дастур: ота-оналарга - қўлланмалар, болаларга - боғчалар

© Пресс-служба министерства народного образования РУзДети в детском саду
Дети в детском саду - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурда қишлоқ жойларда ота-оналарнинг бадал тўлови миқдорини камайтириш чора-тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган

ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастурда ёш авлодни тарбиялашда борасидаги кенг кўламли вазифалар ўз ифодасини топган, деб хабар беради Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Дастурга мувофиқ, 2200 мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ жойларда бундай муассасаларни янгидан қуриш, уларни замонавий инвентар, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда мультимедиа воситалари билан таъминлаш режалаштирилган.

Ота-оналарга фарзандини мактабга тайёрлашда ёрдам берилади

Болаларни мактабга тайёрлашни сифат жиҳатидан янада яхшилаш, бунда муқобил шакллардан унумли фойдаланиш мақсадида республика бўйича 6,1 минг қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилади.

Болалар боғчаси - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев болалар боғчаси масалаларини ҳал этишни режалаштирган

5-6 ёшли болаларни мактабга тайёрлайдиган бу гуруҳларни қишлоқ жойларда очиш долзарб вазифа қилиб белгиланди. Бундай гуруҳларнинг йўлга қўйилиши натижасида ҳар йили 305 мингдан ортиқ болалар мактабга тайёргарлик босқичидан муваффақиятли ўтади. Ҳозирда Ўзбекистонда бугунга қадар 1 минг 220 та ана шундай қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилиб, уларга 81 минг нафар бола қамраб олинди.

"Маълум сабабларга кўра боғчага қатнамайдиган 3-6 ёшдаги болаларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлашда оиланинг ўрни ҳамда масъулиятини кучайтириш тизими ҳам жорий этилмоқда", — дейилади хабарда.

Ота-оналар учун етти номдаги қўлланмалар яратилди. Мактаб кутубхоналари орқали ота-оналар қўлига бепул етиб борган ушбу қўлланмаларда болаларни мактабга тайёрлаш учун асқатадиган, ниҳоятда зарур маълумотлар рангли-иллюстрацияли, қизиқарли тарзда баён қилинган. Жорий йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ жойлардаги 400 минг оилага ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида ана шундай адабиётлар етказиб берилади.

Миллиондан ортиқ болалар боғчага боришади

Келгуси беш йил мобайнида 50 та янги боғча қурилиши ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1 минг 167 тасини реконструкциялаш, 983 тасини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Янги лойиҳа асосида бунёд этиладиган масканларда шинам ва кўркам ёзги айвончалар, бассейнлар барпо қилинади. Бунинг учун жами 2,2 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Жорий йилнинг ўзида 301 мактабгача таълим муассасасида 265,4 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Комплекс тадбирларнинг бажарилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълимга қамрови бир ярим баробар ошади. 2021 йилга бориб, республикада мактабгача таълим муассасалари 1 млн 109 минг нафардан ортиқ болажонларни ўз бағрига олади.

Китоблар янада кўпаяди

2017-2018 йилларда 2 минг 420 та мактабгача таълим муассасасида ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан сараланган эллик номдаги асарни жамлаган кичик кутубхоналар ташкил этилади.

Дети в детском саду - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон боғчаларида кутубхоналар ташкил этилади

Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурда нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, қишлоқ жойларда ота-оналарнинг бадал тўлови миқдорини камайтириш чора-тадбирларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, давлат раҳбарининг қарорига асосан, шу йилнинг 2 февралидан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ота-оналарнинг мактабгача таълим муассасаларига бадал тўлови 2 баробар қисқартирилди.

Дастур доирасида тизимда фаолият юритаётган 55 мингдан зиёд педагог ходимларнинг малакаси босқичма-босқич ошириб борилади.

Халқ таълими вазирлиги бошланғич таълим-тарбия тизимининг асосий йўналишлари — таълим жараёнининг сифати, боғчаларда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш учун яратилган шароитлар, ўқув-методик қўлланмалар билан таъминланиш, тарбиячиларнинг педагогик маҳоратини мунтазам назорат қилиб боришда давом этади.

Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.

Янгиликлар лентаси
0