ТОШКЕНТ, 3 май — Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш Ҳукумат порталида икки қонун лойиҳаси жамоатчилик эътиборига чиқарилган.
Улардан бири, вилоятликларга Тошкентдан янги уй сотиб олиш орқали, доимий рўйхатдан ўтиш имконини бериш ҳақида. Яъни, вилоятлик фуқаролар Тошкенда янги қурилган уйлардан қиймати энг кам иш ҳақининг 2 минг баробарига тенг бўлган уй сотиб олганда, уларга Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтиш имконини бериш ҳақида.
Иккинчиси, янги уй сотиб олган фуқаролар уй олди-сотди шартномаси умумий қийматининг 5% миқдорида солиқ тўлаши ҳақида. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Солиқ кодексининг бир неча бандига ўзгаришлар киритишни назарда тутган.
Порталда хабар берилишига кўра, ушбу иккала ҳуқуқий ҳужжат ҳам 10 май куни Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгиланган. Кучга кириш муддати эса — 1 июлдан режалаштирилган.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида доимий рўйхатда турган фуқаролар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтиши жуда мушкул, бунинг иложи йўқ деса ҳам бўлади.
Кеча, 2 май куни журналистлар билан бўлиб ўтган анжуманда Ўзбекистон Ички Ишлар вазири Абдусалом Азизов буни яна бир бор тасдиқлади.
“Вилоятликлар Тошкентда доимий рўйхатдан ўтиши мумкин, фақат олдин қабул қилинган барча қарорларга амал қилинган ҳолда”, — деди вазир.
“Барча қарорлар” деганда Вазирлар Маҳкамасининг 41 сонли ва 336 сонли қарорлари шартлари назарда тутилган. Яъни, Тошкентда фақат қуйидаги тоифа фуқаролар рўйхатдан ўтиши мумкин:
- Президент девони, Олий Мажлис, МХХ, Вазирликлар, Давлат қўмиталари ва қонун томонидан санаб ўтилган 59 та ташкилот ходимлари;
- Тошкентда доимий рўйхатда турган фуқаронинг турмуш ўртоғи ёки энг яқин қариндошлари (ота-онаси, фарзанди);
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда доимий рўйхатда турмаган фуқаролар Тошкентдан уй сотиб олиш ҳуқуқига эга эмас. Янги рўйхатга олинган фуқароларга ҳам 3 йилгача бундай ҳуқуқ берилмайди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.