ТОШКЕНТ, 30 апр — Sputnik. Халқлар дўстлиги майдонида ўрнатилган ушбу ёдгорлик 2008 йилда, номаълум сабабларга кўра, бузиб олиб шаҳар четига кўчирилган эди.
Бугун ушбу ёдгорликни шаҳар марказига қайтаришга қарор қилинган. Nuz.uz хабарига кўра Республика халқаро маданият маркази ушбу хабарни тасдиқлаган.
“Бу борада ҳукумат қарори қабул қилинган. Республика халқаро маданият маркази ушбу ёдгорлик Дўстлик боғига (собиқ Бобур боғи) кўчирилишига умид билдиради”, — дейилган хабарда.
Ушбу ёдгорликни қаерга кўчириш масаласи йил бошидан буён ўрганилмоқда. Бу борада бир неча таклифлар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, “Халқлар дўстлиги” ёдгорлиги 1982 йилнинг 26 май куни Тошкентдаги “Халқлар дўслиги” саройи олдидаги майдонда ўрнатилган эди. Ёдгорлик марказида темирчи Шоахмад ва Баҳри Шомахмудовлар, уларнинг атрофида эса 15 нафар бола тасвирланган.
Шомахмудовлар асраб олган болалар орасида рус, белорус, молдаван, латиш, қозоқ, татар, яҳудий ва немис миллатига мансуб болалар бўлган. Шоахмад ота ва Баҳри ая уларни ўз меҳри муруввати билан қуршаб олишган. Асраб олинган болаларнинг ҳаммаси муносиб инсон бўлиб катта бўлишган.
Совет Иттифоқи даврида Шомахмудовлар оиласи “Ҳурмат белгиси”, “Қаҳрамон она” мукофотлари билан тақдирланган. Ушбу оила ёзувчи Раҳмат Файзининг “Ҳазрати инсон” романи ҳамда “Ўзбекфилм”да суратга олинган “Сен етим эмассан” кинофилмининг бош қаҳрамонларига айланган.