ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. 7 августдан "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси "Ҳаж-2017" дастури доирасида қатновларни бажаришни бошлайди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистонлик "катта ҳаж" амалини бажаришни истаган зиёратчилар Боинг-767 самолётларида Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига етиб борадилар.
Бу йил дастур доирасида Тошкент-Мадина-Тошкент йўналиши бўйича 33 та қатнов бажариш, 7200 зиёратчига хизмат кўрсатиш режалаштирилган.
"Анъанавий тарзда парвоз давомида таомлар ва йўловчилар учун барча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади", дейилади хабарда.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК бу йилги "Умра-2017" дастури доирасида Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича 30та рейсни амалга оширди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.