ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Бугун Тошкентда 9 Май кунига бағишланган ўзига хос воқеа бўлди — пойтахт кўчалари бўйлаб Иккинчи жаҳон уруши давридаги юк машиналаридан иборат колонна ўтди. Уларда совет армияси либосларини кийиб олган аскарлар Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтиришарди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақдаги хабар дарҳол ижтимоий тармоқлардаги ўзбек гуруҳлари орасида тарқалди.
Гувоҳларнинг сўзларига қараганда, автоколонна бугун соат 10 яримда Жанубий вокзал яқинидаги Гавҳар кўчасидан йўлга чиққан. Машиналар Усмон Носир, Ш.Руставели кўчалари бўйлаб Юнусобод тумани орқали Зангиота туманидаги академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига йўл олган. Бу ерда 9 Май — Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг мазкур акцияси ўзбекистонликлар томонидан илиқ қарши олинди, айрим ҳайдовчилар ҳам колонна Тошкентдалигида унга ҳамроҳлик қилишди.
"Ва ниҳоят ўзбекистонликларнинг ҳам урушда қатнашишгани ҳақида эслашди. Эвакуация қилинган одамларни қандай кутиб олишганди. Ўзбеклар турли миллат фарзандларини қандай асраб олишганди. Энг сўнгги нонини ҳам баҳам кўришган. Ҳа, ҳозир ҳам шундай. Мана шунинг учун ҳам ўзбекларимизни яхши кўраман ва ҳеч қаерга кетмай шу ерда яшайман", — деб ёзади акцияга гувоҳ бўлганлардан бири.
Кўпчилик фойдаланувчилар эса вазирлик ушбу акция ўтказилиши ҳақида оммани хабардор қилмаганидан ва айни иш вақтига тўғри келгани боис кам одам кузатганидан афсусланишган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.