ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Кеча Тошкентда бўлиб ўтган "Usenet 2017"анжуманида Ўзбекистон "Электрон ҳукумат" тизими ривожлантириш маркази раиси Шерзод Ҳабибуллаев ЯИДХП порталининг иккинчи, тўлиқ янгиланган версияси ишга тушишини хабар қилди.
Кореянинг "LG CNS Uzbekistan" компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган янги "портал"да бир неча муҳим имкониятлар киритилган бўлади.
Биринчидан, фойдаланувчилар рўхатдан ўтиш тизими жуда осон шаклга келтирилган. Янги портал Ўзбекистон паспорт тизими билан мувофиқлаштирилган бўлиб, рўйхатдан ўтиш учун паспорт рақами ва паспортда фотосурат остида кўрсатилган индивидуал рақам киритилса бас.
Иккинчидан, унда давлат хизматлари ҳақини онлайн тўлаш имконияти яратилган бўлади. "Электрон ҳукумат" маркази айни дамда тўловни фоизсиз амалга ошириш имконини ўрганмоқда.
Ундан ташқари янги порталда фойдаланувчи максимум 5та клик орқали ўз мақсадини амалга ошириш йўлга қўйилади. Бу бугунги кун жаҳон стандартларига мос. Шунингдек, янги "портал" ҳар бир фойдаланувчига юзлаб хизматлар орасида фақат унга керакли бўлганларни кўрсатади.
"Умуман, янги портални ишга туширишдан асосий мақсадимиз аҳолига осон ва сифатли давлат хизматлари кўрсатишдир," — деди Шерзод Ҳабибуллаев.
Янги портал апрел-май ойиларида ишга тушади. Дастлаб у синов тартибида ишлайди. Янги версия тўлиқ текширувдан ўтмагунига қадар ЯИДХпнинг эски версияси билан бирга ёнма-ён ишлайди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ЯИДХП орқали 301 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда. ЯИДХПга ҳар ойда ўртача 40-50 минг мурожаатнома келиб тушмоқда.
Futura.uz саҳифаси материали асосида тайёрланди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг