ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Андижон вилояти Олтинкўл туманида дарё ўртасида қолиб кетган ўсмир қутқариб қолинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унда айтилишича, 20 апрель куни Андижон вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, Олтинкўл туманида яшовчи, шу тумандаги Агро иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Орифжон Икромов Қорадарёда чўмилаётган вақтда дарё сувининг тезлиги катта бўлгани сабабли дарё ўртасидаги оролчада қолиб кетган.
ФВВ матбуот хизматининг билдиришича, қутқарув отряди қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб борган.
Ўсмир қутқариб олинган ва унга биринчи ёрдам кўрсатилган.