ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Ўзбекистонда "Афросиёб" поездларининг сони яна биттага ошди. "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти матбуот хизматининг маълум қилишича, Испаниянинг "PATENTES TALGO, S.L.U" компанияси ўртасида яна иккита юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди.
Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг иккинчиси ҳам Ўзбекистонга олиб келинди.
Янги замонавий электропоезд 287 йўловчига мўлжалланган. Унда эконом тоифали вагонлар сони 2011 йилда олиб келинган "Афросиёб"га қараганда 2 тага кўп. Бу бир вақтнинг ўзида қўшимча 72 йўловчини ўз манзилига етказиш имкони демакдир.
Жорий йилнинг март ойида олиб келинган юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоезди бугунги кунда Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишида мунтазам қатновни амалга ошириб йўловчиларга хизмат қилмоқда.
"Ўзбекистон темир йўллари"нинг билдиришича, ҳозирги кунда замонавий "Афросиёб" электропоездларининг янги ҳаракат жадвали ишлаб чиқилмоқда.