ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Куни кеча, яъни 23 апрел куни Ўзбекистон тарихида биринчи марта махсус ихтисослаштирилган футбол телеканали — "Футбол ТВ" ишга туширилди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Каналда биринчи бўлиб Испания чемпионатининг 33 тури — "Реал"-"Барселона" учрашуви намойиш қилинган. Янги телеканал ташаббускори ахборот журналистикасида ихтисослашган Uzreport TV, деб хабар қилмоқда мухбир.
Ташаббускорлар сўзларига кўра, синов жараёни давомида "Футбол ТВ" суткасига 12 соат — 14.00дан 03.00га қадар фаолият юритади. Тест жараёни муваффақиятли якунланса, у 24 соатлик иш тартибига ўтказилади.
"Футбол-ТВ"да тўғридан-тўғри футбол трансляцияларидан ташқари, энг қизғин кечган учрашувлар такроран намойиш этилиши айтилмоқда. Бундан ташқари, айни вақтда футбол ҳақида кўрсатувлар устида иш олиб борилиб, спорт ҳақида ҳужжатли фильмлар тайёрланаётгани таъкидланмоқда.