ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Time журнали таҳририяти дунёнинг энг обрўли 100 одами рўйхатини эълон қилди. Рўйхатга киритилган сиёсатчилар ҳақида очерклар турли муаллифлар томонидан ёзилган. Энг обрўли юзликдан ўрин олган Россия президенти Владимир Путин ҳақида очеркни собиқ Иттифоқнинг собиқ президенти Михаил Горбачёв ёзган, деб хабар қилди РИА Новости.
"Етакчилар" қаторидан, шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин, Филиппин раҳбари Родриго Дутерте, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Колумбия президенти Хуан Мануель Сантос, Wikileaks портали асосчиси Жулиан Ассанж, ХХР раиси Си Цзинпин, Microsoft компанияси асосчиларидан бири Билл Гейтснинг рафиқаси Мелинда, Рим папаси Франциск, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мей, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, эронлик генерал Косим Сулаймоний, Оқ уй девони раҳбари Райнс Прибус, АҚШ президентининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Стивен Бэннон ва бошқа сиёсатчилар ўрин олган.
Горбачёв Путин ҳақида ёзган очеркида қуйидаги фикрларни келтириб ўтган:
"Россия президенти Владимир Путин вазиятни барқарорлаштириш, Россия давлатчилигини сақлаб қолиш ва унинг иқтисодий позициясини кучайтиришда муваффақият қозонди. Мен Россия фақат демократия йўли билан зафар қучишига ишонаман. Россия сиёсий рақобат, ҳақиқий кўппартиявийлик, адолатли сайловлар ва ҳукуматнинг мунтазам алмашиб туришига тайёр. Президент роли ва масъулиятини мана шулар белгилаши лозим".