ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида адиблар хиёбони барпо этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг тегишли қарори эълон қилинди, деб хабар қилмоқда Спутник Ўзбекистон мухбири.
Ушбу ҳудудда 2007 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор, 2010 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек, 2013 йили Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва таниқли шоира Саида Зуннунова хотираларига бағишлаб ёдгорлик мажмуалари ўрнатилган.
Барпо этиладиган хиёбонда Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли олим ва жамоат арбоби Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуалари ўрнатилади. Шунингдек, хиёбон ҳудудига Ҳамид Олимжон ҳайкали (Мирзо Улуғбек туманида), Зулфия ҳайкали (Ўзбекистон давлат санъат музейи ёнидаги хиёбонда) ва Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом ҳайкали (Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида ўрнатилган) кўчириб ўтказилади.
Ўзбекистон Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида боғнинг умумий кўриниши ва Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун равишда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбль шаклидаги лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади. Адиблар хиёбони ҳудудида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий янги бино қурилади.
Мазкур ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тасарруфига ўтказилади ва бу ерда доимий равишда китоблар кўргазмалари ва тақдимотлари, турли адабий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган адабий марказ ташкил этилади.