ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Ўзбекистоннинг олти нафар фуқаросига Қримда бўлишгани учун уч йил давомида Украина ҳудудига кириш тақиқланди.
"Қрим билан маъмурий чегарада чегарачилар зарур ҳужжатлари бўлмаган олти нафар ўзбекистонликни аниқладилар… Бундай қоидабузарлик учун барча хорижлик фуқароларга уч йил давомида Украина ҳудудига кириш тақиқланади", — дейилади хабарда.
Муассасанинг маълум қилишича, душанба куни Қримдан "Чонгар" назорат масканига Ўзбекистоннинг олти нафар фуқароси келади. Чегара назорат текшируви вақтида уларнинг Қримда бўлганликлари ва Қримда бўлиш учун махсус рухсатнома олишмагани аниқланади.
Қрим 2014 йил мартда ўтказилган референдумда 96,77% сайловчиларнинг овози асосида ҳамда Севастополь 95,6 фоиз аҳолининг овози асосида Россия Федерацияси таркибига кирган. Қрим ҳукумати 2014 йил февралда давлат тўнтаришидан сўнг референдум ўтказганди. Украина ҳали-ҳануз Қримни вақтинча босиб олинган ўз ҳудуди деб ҳисоблайди, деб ёзади РИА Новости.
Россия раҳбарияти Қрим аҳолиси демократик йўл билан, халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига асосан Россияга қўшилганлигини бир неча бор таъкидлаган. Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Қрим масаласи "буткул ёпилган".
Ўзбекистон ва жаҳондаги энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни истасангиз, Sputnik Ўзбекистоннинг Telegram-каналига обуна бўлинг.